Қарши шаҳридаги 23-мактаб директори ўқитувчиларга ўқувчилар формаси учун пул йиғишга кўрсатма берди. «Нимчаси бўлмаса, дарвозадан чиқариб юбораман, менга формасиз ўқувчи керак эмас», — деди у. Мактаб таълими бошқармаси директор жаримага тортилгани ва бундай ҳолатни кескин қоралашини билдирди.
Чортоқ туманидаги 8-мактаб директори хизмат хонасида шериклари билан қимор ўйнагани аниқланди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини билдирди.
Сурхондарё ҳокими билан можародан сўнг омма эътиборига тушган Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова ўқитувчилардан бирининг турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз калтакланди. Вилоят ҳокими жабрланувчининг олдига бориб, вазиятни назоратга олганини билдирди.
Сурхондарё ҳокими ва мактаб директори жанжали тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳуқуқшунос ва экспертлар «ҳоким педагогни ишдан олишга ҳаққи йўқ», «ҳокимларни таълимга умуман яқинлаштирмаслик керак» демоқда. «Ҳоким қамаб, вазир озод қилса, суднинг нима кераги бор?» деган савол ҳам берилди.
Қоракўл туманидаги мактаблардан бирининг директори 900 минг сўм пора билан ушлангани айтилмоқда. У бу пулни фуқароларни фаррош ва қоровул лавозимига ишга қабул қилгани эвазига олаётганда қўлга тушган.
Навбаҳор туманидаги 9-мактаб директори ўқитувчиларни Open budget`га 100 тадан овоз йиғишга мажбурлагани айтилган овозли хабар тарқалди. Унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланиб, хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор-йўқлиги ўрганилмоқда.
Қирғизистон президенти давлат ва муниципал мактаблари директорларини танлов асосида ишга қабул қилишни жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мактаб директорлари 5 йил муддатга тайинланади, шундан сўнг улар яна рақобатлашиши керак бўлади.
Депутат Расул Кушербаев битирувчилари ОТМга кира олмаган мактаб директорларининг ишдан олинишини «демагогия ва бошқарувга ноқобил одамларни қўядиган талаби» дея тарифлаган эди. Халқ таълими вазири «охирги 2 йилда фақат ОТМга кирганлар бўйича объектив маълумот бўлгани» сабабли бундай йўл тутилганини таъкидлади. Шерзод Шерматов масалани тушунтириш учун депутат билан боғлана олмаганини маълум қилди. «Қадриятларимиз ва танловимиз икки хил экан», — деди у.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 7-сонли мактаб директори Б.С. мактаб балансида бўлган яроқсиз қозонхона биносини фирибгарлик йўли билан 6000 долларга сотмоқчи бўлганида ашёвий далил билан қўлга олинди.
Президент мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади. Эндиликда мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг